Бизнес тренерлар ва семинар танлашда мулоҳаза.
Яқинда бир дўстим бизнес тренернинг Instagram саҳифасига ҳавола юбориб, шундай савол берди: "
Шу тренернинг дарсига боришни тавсия қиласанми?" Бунга ўхшаш саволларни аввал ҳам олганман, шунинг учун умумлашган жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Агар сиз ўзингиз танимаган тренернинг дарсига боришни режалаштираётган бўлсангиз, аввал уни яхшилаб ўрганинг ("background check" қилинг). Ҳар қандай соғлом бизнеснинг мақсади мижозлар муваффақияти оркали усишни таъминлашдир. Агар тренер мижозларига қандай қиймат бериш ҳақида гапирса ва уларнинг муваффақиятини намойиш этса, бу яхши белги.
Аммо, агар унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари асосан ўз шахсий ҳаётининг реклама қилиши ва бойликларини кўз-кўз қилиши билан тўлган бўлса (масалан, ҳашаматли уйлар ёки машиналар), билингки, унинг асосий эътибори ўзида. Катта эҳтимол билан, сиз унинг бойишига хизмат қиладиган фойда манбаи бўлиб қоласиз.
Ҳар қандай соғлом ва узоқни кўзлаган бизнес мижозларининг узоқ муддатли муваффақияти ҳақида ўйлаши керак. Шунинг учун танловингизни мулоҳаза билан қилинг.
Шунингдек, шундай семинарларга боришдан кўра, китоб ўқиш кўпроқ фойда келтиради деб ҳисоблайман. Биз одатда осон йўлни қидириб, кимдир бизнинг муваффақиятимиз учун тезкор ечимни "
миямизга солиб қўяди" деб ўйлаймиз ва бунга ортиқча пул тўлаймиз.
Қисқаси, тренер ва семинарларни танлашда мулоҳаза билан ёндашинг!
@paiziev24