🎧
“Уста ва Маргарита”нинг 16-боби “китоб ичидаги китоб” – Устанинг Исо Масиҳ ва Понтий Пилат ҳақидаги китобининг давоми бўлиб, унда қатл саҳнаси акс этади. Бобнинг аксарият қисми Иешуа ва икки жиноятчининг қатли давомида Иешуани қутқаришга ҳаракат қилаётган Левий Матвей номидан ҳикоя қилинади. Левий Матвей ва 12 апостоллар-шогирдлардан бири орасида параллел ўтказиш мумкиндир, лекин, назаримда, аслида Булгаковнинг мақсади балки бу бўлмаган. Левий Матвей образида у инсон мушкул вазиятда бўлганида уни қутқаришга ва азобларидан халос этишга ҳаракат қилувчи сўнгги дўст ва умидни тўплагандек кўринади менга. Сени барча тарк этганда оммага қўшилиб сени тепкиламайдиган нажот.
16-бобдан аввалги ҳар бир бобда ҳам Булгаков ўзига хос моҳирлик билан ўша даврдаги долзарб муаммоларни кўтаради ва уларнинг устидан кулади. Масалан, Варьете саҳналарида Булгаков Воланднинг нигоҳи билан одамларнинг очкўзлигини ва инсонийликни унутиш феноменига назар ташлайди. Никонор Иванович атрофидаги валюта воқеаларида эса у Совет давридаги валюта билан боғлиқ сиёсат мавзусини кўтаради, туш кўриш саҳналари воситасида бу мавзу нақадар абсурд даражага етиб борганини ифодалайди. Шунингдек, Булгаков китоб ичидаги китоб, саҳна ичида саҳна услубида ўқувчи/тингловчи тасаввури билан ўйнайди: у, дейлик, баландпарвоз шиорлар қичқириш ва одамларни оммавий уялтириш баробарида ўзи порахўрлик ва разолатга ғарқ бўлган амалдорларни теарт саҳнасига олиб чиқиб, юзидаги ниқобни юлиб олади. Варьете саҳналари ҳақида яна китоб давомида батафсил фикрлашамиз.
“Янги одат шакллантириш учун бир ишни 21 кун давомида қилиш кифоя” теориясини текшириш учун биргаликда китоб ўқиётган/тинглаётганларни табриклашим мумкин: 21 кун ичида “Уста ва Маргарита” романининг ярмини ўқиб тугатдик. Айтишларича, кўпчилик янги йилда мақсад қўйса, одатда мана шу 21 кун давомида ундан воз кечар экан, биз эса давом этяпмиз!
Жонли эфирда қайта учрашгунча!
👉
@madnifique👈