ЯНГИ ЙИЛ КЕЛМОҚДА...
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда,
Ҳамма қаергадир югурар, елар;
Ким маъюс, ким шод, ким бефарқ боқмоқда,
Боламнинг юзида зўр қувонч кулар!
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда,
Сарҳисоб вақтидир, ўйга толамиз,
Умр жўшқин дарё каби оқмоқда,
Насиба да не бор, шуни оламиз...
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда,
Кимга нималарни ваъдалар қилар,
Кимнинг кўнгли тўлмас, кимга ёқмоқда,
Кимлар арчасига ўйинчоқ илар...
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда,
Кимнидир яқинин олиб кетади;
Кимнингдир кўксига нишон тақмоқда,
Кимнингдир қадами ойга етади.
Янги йил келмоқда, эшик қоқмоқда,
Мен ҳам ўйга толдим - юракда ғашлик,
Қанақа тилсимни сирин чақмоқда,
Топдим - қолиб кетди... орқада ёшлик !
Янги йил, келишинг рости, суймадим,
Онам юзларига ажин соласан;
Келишингдан асло сурур туймадим,
Отам билагидан қувват оласан...
Отам билагидан қувват олмагин,
Онамнинг юзига ажин солмагин...
Янги йил.....
Янги йил келмоқда...
✍️ МУРОДУЛЛА