📌
Соч нима учун тўкилади?
Сочнинг тўкилиши — кенг тарқалган муаммо. Аёлларнинг учдан бир қисми ва эркакларнинг аксарияти шундан азият чекади. Бироқ тароқлардаги сочлар ҳар доим ҳам хавотирга сабаб бўла олмайди. Соч тўкилишининг ҳам наслий, ҳам бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблари кўп, бунинг учун бази одатлар ва турмуш тарзига тузатиш киритилса кифоя.
Сочларнинг тўкилишидан нафақат кексалар, балки ёшлар ҳам шикоят қилишади. Шундай бўлса-да, сочларнинг саломатлиги билан шуғулланувчи трихологлар – шифокор-дерматологлар – ҳар куни юзтача сочнинг тўкилиши хавотир учун асос бўла олмаслиги, бу организмнинг нормал функцияси эканини такидлашмоқда. Баҳор ва куз мавсумларида сочлар бошқа фаслларга қараганда кўпроқ тўкилади, бундай мавсумий ўзгаришлардан қўрқишга ҳожат йўқ.
Бироқ ваннага тушганингиздан кейин ҳамма ёқ соч билан тўлса, мутахассисга учрашишни кечиктирманг.
Лондондаги амалиётчи трихолог Анабел Кингслининг фикрича, сочларнинг тўкилиш сабаблари генетик (наслий) ва реактив (организмнинг ўзига хос реакцияси) бўлади.
Биринчи ҳолатда муаммо билан курашишнинг деярли имкони йўқ, иккинчисида – сабабнинг бартараф этилиши, қоидага кўра, салбий жараённи тўхтатади ва сочлар жилосини қайта тиклайди. Инсоннинг генетик жиҳатдан соч тўкилишга мойиллигини аниқлаш осон: унинг ота-онасига назар ташланса, бас. Реактив сабаблар орасида эса қуйидагиларни келтириш мумкин:
🔵 Гормонал номувофиқлик
Гормонлар мувозанатининг бузилиши кўплаб косметик муаммоларни юзага келтиради. Сочларнинг тўкилиши – улардан бири, холос. Аёллар гормонлари эстрогенлар соч толалари билан “дўстлаша олса”, андрогенлар – эркаклар жинсий гормонлари – даврийлик давомийлигини қисқартиради. Эндокрин тизимининг ишдан чиқиши натижасида намоён бўлган гормонал бузилиш анрогенларнинг меёрдан кўпайиб кетганида юзага келиб, сочларнинг тўкилиш ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.
🤯 Стресс
Сочнинг асабий зўриқишдан тўкилиши афсона эмас. Стресснинг тасир кўрсатиш механизми бундан олдинги ҳолатдагидек кечади, муаммо организмда андрогенларнинг ошиб кетиши натижасида пайдо бўлади. Бундан ташқари, Анабел Кингсли такидлайди:
Стресс шунингдек қазғоқ каби бош териси билан боғлиқ муаммолар, овқат ҳазм қилиш тизимида тартибсизликларни ҳам келтириб чиқаради. Буларнинг бари эса сочларга салбий тасир кўрсатиши табиий.
🔴 Камқонлик
Темир моддаси сочларнинг мустаҳкамлиги ва нормал ўсиши учун зарур. Бироқ соч тана учун ҳаётий муҳим аҳамият касб этмайди. Шу туфайли темир моддасининг етишмовчилиги, энг аввало, сочларда акс этади. Минерал захиралари камайган пайтда, организм “ички захиралари”ни сарфлайди.
🔵 Гипотиреоз ва гипертиреоз
Қалқонсимон без оқсил ишлаб чиқариш ва тўқималарнинг кислород билан тўйинишини назорат қилиб, организмнинг бутун метаболизмини бошқаради. Шунинг учун унинг фаолиятидаги ҳар қандай бузилиш сочга тасир кўрсатади. Бундан ташқари, гипотиреоз — темир танқислигидан юзага келадиган камқонлик сабабларидан бири.
🔰 Б12 витаминининг етишмовчилиги
Б12 витаминининг етишмовчилиги сурункали чарчоқни келтириб чиқаради, шу билан бирга, сочларнинг тўкилишига ҳам сабаб бўлиб, уларнинг жилосига тасир кўрсатади. Тўқималарга кислород етказиб берувчи қизил қон таначаларининг ҳолати унга боғлиқ. Б12 витаминининг танқислигидан айниқса вегетарианлар азият чекади, зеро витамин организмга ҳайвон оқсиллари билан бирга киради.
🙀 Вазннинг кескин пасайиши
Бази одамлар турли парҳезлардан фойдаланиб, ортиқча килограммлардан тезда халос бўлишнинг уддасидан чиқишади. Бироқ тана кескин ўзгаришларни ёқтирмайди ва бунга қаршилик қилади. Ҳаёт учун кураша олмайдиган сочлар эса бунда биринчи бўлиб жабрланади.