14 февраль — шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун.“БОБУРНОМА” ИЛҲОМИЗамон фарроши бўлсайдим, шу замонни супургайдим,
Димоғимга тутиб енгим, тўрт томонни супургайдим.
Супургайдим ҳаром луқма, ҳаром айшу тарабларни,
Супургайдим ҳам товоқни, ҳам қозонни супургайдим.
Ювардим кул билан ойни доғидан холи бўлгунча,
Исларини узиб, юлқиб-ки осмонни супургайдим.
Кўзёшимдан сепиб сувлар гузарларга, кўнгилларга,
Хиёнатни, ҳасад, ўчни ва гумонни супургайдим.
Супургайдим хурофотни, жаҳл, худбин раёсатни,
Ўрлатиб чангини кўкка оломонни супургайдим.
Кичик Мирзо бўлиб Иқбол улусга яхшилиқ айлаб,
“Ёмонлиқ бўлмағай бўлғай” ҳар ёмонни супургайдим.
✍️
Иқбол МИРЗО