ҚАЛБ НИМА ДЕГАНИ? "Қалб" луғатда бир нарсани ағдаришни англатади. У бир хил турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам "қалб" деб аталган.
Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади.
Зоҳирийси кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклидаги гўшт парчасидир. Ботинийси эса нуроний, латиф, билувчи, инсонни инсон қилувчи нарсадир.
Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирида – жисмида жон вазифасини ўтайди. Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди.
Бу ерда ботиний қалб кўзда тутилади. Жисм соғлом бўлиши, баъзан бемор бўлиши ва вақти келиб ўлиши табиий бўлганидек, қалб ҳам соғлом бўлиши, бемор бўлиши ва ўлиши табиийдир. Шунинг учун ҳам қалбга алоҳида эътиборли бўлиш зарур. Албатта, қалб табобати бадан табобатидан кўра анча аҳамиятлироқ эканини таъкидлашга ҳожат ҳам қолмаган бўлса керак.
Қалб табобати илми Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида юзага келган, ривожланган ва ўз самарасини бериб келмоқда.
Аллоҳ таоло "Юнус" сурасида марҳамат қилади:
Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан мавъиза, кўкслардаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди" (57-оят).
Яъни Қуръон қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалб табибларининг имоми бўлганлар ва бу ишда ҳаммага намуна кўрсатганлар. Ул зотнинг ҳадисларида бу масалалар ажойиб услуб ила баён қилинган.
Мусулмон уламолар оят ва ҳадислардан қалб табобати борасида самарали даво йўлларини топганлар. Тасаввуф уламолари бу ишда барчага устоз бўлганлар. Улар ихлос билан қалб табобати борасида нодир китоблар таълиф қилганлар.
📚 "Руҳий тарбия" китобидан.
Бизни ижтимоий тармоқларда
кузатиб боринг:
👇👇
🌐
www.Ravza.uz | 📝
Telegram 💻
Instagram | 📝
Facebook | 🎞
Youtube