АНТИДЕМИДРОЛ 😎😀🤔


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Жиддий пост ва юморлар

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


​​Танганинг иккинчи томони.

Баъзан кўринасан, баъзида мавҳум
Кимгадир виждон, кимгадир халқум
Кимларга тириксан ва кимга марҳум
Танганинг иккинчи томони

Бир томонда ғийбат, фитнаю фасод
Асил ҳақиқатнинг қисмати касод
Кимни асир қилар, бошқани озод
Танганинг иккинчи томони

Кимнинг зўри бор, кимларнинг зари
Кимлар ёш кўринар, кимлардир қари
Баъзан сафсатанома, ё ҳақ дафтари
Танганинг иккинчи томони

Нариги томонингда ўртанар бағир
Кимнинг чини сарсон, иймони сағир
Бир йўла кўринсанг не бўлар ахир
Танганинг иккинчи томони

Ўткинчи фонийда уруш, жанг тинмас
Эгилар, букилар, ҳақиқат синмас
Кўрин, майли, билинар билинмас
"Танганинг иккинчи томони"

Икки қирғоқда ҳам битта сув оққан
Оға-инини кетма-кет бир она туққан
Оғага ёқмагани гоҳ инига ёққан
Танганинг иккинчи томони

Холислик истайди бу сарсон уммат
Ёлғоннинг сандиғи бугун "серҳиммат"
Шунда сен Зумрадсан ва гоҳо Қиммат
Танганинг иккинчи томони

Бахриддин Асрор, 2024 йил, 21-сентябрь


​​#Ўқиб_кўринг.

Жигули пробеги.

Озода Нурсаидованинг "Лада" қўшиғи ва унга ишланган клипини кўрдим. Қуйида ўз фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.
90-йиллар бошида рахматли Мухаммадкарим Соиповнинг "Вой аламжон" қўшиғи трендга чиққан. Изидан яна бир рахматли санъаткор Мухриддин Холиқов "Узатамиз" қўшиғини яратди. Иккаласининг ғоявий мазмуни, мантиғи бир ҳил. Лекин қўшиқларда дард такрор бўй чўзган бўлса ҳам, оҳанги, мунги ва ижроси алоҳида алоҳида олқиш олган. Хатто жозибали клип ишланмаган бўлса ҳам.

Лекин "Кўк жигули" ва бугун премьера бўлган "Лада" қўшиқлари тўғрисида бундай фикрни айтолмайман. Нега?

Клипдаги носталгия либос ва даврга хос предметларни ҳисобга олмаса мазмун янги рухий кайфият бермайди. Иккала қўшиқнинг видеорелизи бир ҳил. Клип маркетинг инструменти, яъни просмотр сони учун ясалган.

Олдинги қўшиқдаги логлайн (мантиқий йўл) нинг бошқа костюмдаги иккинчи идентификацияси бўлиб қолган, чунки синопсис (қисқа ҳикоя) бир ҳил. Вақтинчалик завқ беради, лекин рухан тез зерикасиз. Махсус эффект анимациядан кўра костюмерияга устунлик берилган.

Мазмундаги дарднинг имиджи тушиб кетган, жигулига ўралашиб қолган. Хотираларни ёритишда "жигули" дан бошқа архетип танланиши яхши бўларди.
Клип сюжетини қуришдаги моҳирлик учун, сценарий ёзувчи кучли бўлиши керак. Кучли ёзилган сценарий аввал куйланган қўшиққа бошқа креатив тасвир ярата олади. Кларк Рой Питернинг "50 приёмов письма" асари шу ўринда ҳар қандай асар ёзадиган муаллиф учун дастур бўла олади.

Умуман олганда бу қўшиқ айнан битта дарднинг мазмунида бошқа бошқа жозиба ва муҳаббат уйғота олган "Карвон кўрдим" ҳамда "Сарбон" қўшиқларидай маҳобатли ва умри узун бўла олмайди, чунки тижорат ниятида (просмотр учун) қилинган. Кўнгилнинг эски дарди қўзиганда вақтинча қўл келадиган вирусли видеотерапия холос.

Мен санъат иҳлосманди сифатида ўз фикрларимни ёздим холос. Чиройли қўшиқ яратиш камёб ходиса бўлган бу замонда шунча меҳнат қилингани қадрли. Овоз, ижро, дид томонидан ҳам иқтидорли бўлган, шкнингдек молиявий имконияти катта бўлган Озода Нурсаидовадай санъаткорнинг ҳар қандай ижод маҳсули бетакрор бўлишини истайман.


​​#Ташхис

Кадрдан ходимларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақалари (блютеньлар) далолатномасини опкиришди. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан оляпмиз, варақа QR коди билан.

Лекин жуда ғалати диагнозлар бор, мисол учун: "Аниқланмаган буйрак, сийдик йўли касаллиги". "Аниқланмаган ўткир бронхит касаллиги" ва ҳоказо. "Аниқланмаган" сўзи деярли 70 фоиз ташхисларда бор.

Варақалардаги ташҳислар баъзилари ўзбекча, баъзилари русчада ёзилган. Рус тилида ташҳис ёзилган ҳужжатнинг боши ва охири ўзбекча. Фақат ташхис жойи русча. Хатолар ҳам кўп.

Нега аниқ ташхис йўқ? Менимча карантинда ўқиган дўхтир талабалар тамомлаб, ишга жойлашди шекилли))).


​​#Юмор_бозор.

Фарход бозорида малина сотиб ўтирган холадан
"малинангиз сал қимматроқмасми, озгина туширинг нархини, - деганимда, у манга: "болам, малина қимматмас, сени ойлигинг паст, ойлигингни кўтаришсин ишхонангда. Ман туширгандан кўра, сан кўтаргин"-деганиди.)))

Ҳамма ўзининг ўлчамида ҳақ.


​​Ўлимдан олдин!

40 ёшида ошқозон саратони билан касалланган халқаро миқёсда таниқли дизайнер ва ёзувчи Крисда Родригес вафот этишидан олдин шундай ёзган эди:

Гаражимда дунёдаги энг қиммат машина бор эди, лекин энди ногиронлар аравачасида ҳаракатланишимга тўғри келмоқда.

Уйимда ҳар хил брендли пойабзал ва қимматбаҳо буюмлар сотилади, аммо ҳозир менинг танам касалхона томонидан тақдим этилган кичик матога ўралган.

Банкда кўп пулим бор, лекин ҳозир бу маблағдан ҳеч қандай фойда йўқ.

Менинг уйим қасрга ўхшайди, ҳозир эса касалхонада оддийгина каравотда ётибман.

Беш юлдузли меҳмонхонадан беш юлдузли меҳмонхонага ўтар эдим, аммо ҳозир касалхонадаги бир лабораториядан иккинчисига ўтмоқдаман.

Мен юзлаб одамларга дастхат берар эдим, аммо бу сафар тиббий ҳужжатларга имзо чекмоқдаман.

Сочларимни етти нафар сартарош тартибга келтирар эди, энди эса бошимда битта ҳам соч йўқ.

Хусусий самолётимда исталган жойга уча олар эдим, аммо ҳози касалхона дарвозасига бориш учун икки йўлак керак.

Гарчи озиқ-овқат жуда кўп бўлсада, лекин ҳозир менинг диетам кунига икки таблетка ва кечқурун бир неча томчи шўр сувдир.

Бу уй, бу машина, бу самолёт, бу мебель, бу банк, жуда кўп обрў ва шон-шараф, уларнинг ҳеч бири менга мос келмайди. Буларнинг ҳеч бири мени тинчлантирмайди.

"Ўлимдан бошқа ҳақиқий нарса йўқ.


​​Набирам Билолхўжага (1 ёш)

Биз катта уруғмиз,  катта сулола
Ота боболаринг, хеш ақраболар
Эй сен, бир йил аввал туғилган бола
Шу катта уруғнинг  бори бўл, Билол

Дўсту миллатини сотмаган қавм
Энг катта шиори силайи раҳм
Йўлдош бўлсин ақлу, фаросат, фаҳм
Бобонгнинг ғурури,  ори бўл Билол

Тилларингдан сени,  ўзим ўргилай
Суюкли бўлсайдинг  пайғамбарлардай
Худойимдан ҳам  туну кун сўрай
Муаззин,  мураттаб қори бўл Билол

Умр йўлида ким ҳақ,  кимлар ноҳақдир
Солиҳга  фазлу марҳамат нақддир
Саодатли қисмат айласин тақдир
Ғуж йигитнинг асл нори бўл Билол

Олий юмушим- сенга Ҳақни танитиш
Шаҳодат келтириб,  қалбинга қуйиш
Тугамайди бу фонийда юмуш
Яхшилик,  хайрнинг кори бўл Билол

Бахриддин Асрор.  2024 йил 14-июнь


Кечаги ўйин тўғрисида қисқагина юмор. 😁


Бахриддин Зайниддинов dan repost
Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish




Nasima Sadirdinovna dan repost
Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish


#Онамдан_хотиралар. (шеърни мазза қилиб эшитинг)

Онам ҳаёт вақтларида кўп дуоларини олдим. Лекин барибир армон бўлавераркан. Ёши улуғ, илмли инсонлар ота ёки она ўтгандан кейин унинг рухини шод қилиш учун ҳаққига қуръон ўқиш билан бирга унинг яқин дўстлари, ака-ука, опа-сингил ва дўстларини йўқлаб туриш лозимлиги хадисларда ёзилганини айтишган.

Биз 25 йил бир маҳаллада яшаб, кейин 2-3 км узоқликда бошқа ҳовли сотиб олиб, кўчиб чиққанмиз. Икки йилдан бери онамни нечча марта туш кўрган бўлсам фақат ўша аввалги маҳаллада ўша ердаги қўшни дугона аёллар билан кўрганман.

Бугун Тошкентда бўлсамда укам ва синглимга айтиб, ўша қўшни аёлларни меҳмон қилиб хабар олишга шароит қилдим. Наманганнинг тоғли жойларидан бири бўлган Балиқкўл қишлоғидаги сўлим зиёратгоҳга шароит қилдик. Холам, сингилларим, укам ўнга яқин қўшниларни ўша жойга олиб боришди. Қуръон ўқилди, дастурхон ёзилиб, эҳсон оши пиширилди.

Ҳаммалари онамни ёд олиб йиғлаб ўтиришибди. Энди тез-тез йиғиб тураман. Сабаби, мен уларнинг ҳар биридан алоҳида хабар олиб ҳол сўрашга вақтдан имконим йўқ. Онаси тириклар, онангизни йўқлаб туринг.

Ўтганларни Оллох рахматига олсин!

Онамнинг қўшнилари

Бари кўнгил боғбони
Шаддод қувноқ кайвони
Чаккасида райхони
Онамнинг қўшнилари

Ёмонлик кўрмаганлар
Йўқотиб йиғлаганлар
Худойим синаганлар
Онамнинг қўшнилари

Бир супада жам бўлган
Дилига малҳам бўлган
Бугун битта кам бўлган
Онамнинг қўшнилари

Синалгансиз сабрда
Ҳурмат иззат қадрда
Сиздан рух шод қабрда
Онамнинг қўшнилари

Эсланглар ибодатда
Ёд олинг тиловатда
Бизга ҳамроҳ тоқатда
Онамнинг қўшнилари

Узилмайди ришталар
Кўнгли кенг саришталар
Ердаги фаришталар
Онамнинг қўшнилари

Кўриб кўкларда бошим
Сиздан айлансин ошим
Хурсандман кўзда ёшим
Онамнинг қўшнилари

Ҳар элнинг боши бўлинг
Қора кўз қоши бўлинг
Ҳаммангиз хожи бўлинг
Онамнинг қўшнилари

Мен Тошкан азимдаман
Кузатиб сизларни зимдан
Ўлгунча таъзимдаман
Онамнинг қўшнилари

Бахриддин Асрор. 2024 йил, 1-июнь


#Онамдан_хотиралар.

Ёзнинг қоқ чилласи.  Тушликдан кейин салқин уйга кириб ухлаб қолибман.  Ташқарида  йиғи аралаш овоздан уйғониб кетдим.  Соатга қарадим,  молларга ўт ўргани ҳозир кетмасам улгурмайман,  қоронғу бўлиб қолади.  Ташқарига чиқиб ҳовлидаги ариқчани олдида уйқум очилмай ўтирдим.  Сўрида онам билан қўшни "касал келин" ўтирибди.  Йиғлаб гапиряпти.
-Ахир ман келин бўлиб  тушганимда соппа-соғ келганман. Мана шу полсиз зах уйларда орттирдимку,  Манзура опа!  (йиғлайди). Онамниям кимдир Пахталиккўлда балнисада (ўпка касалликлари касалхонаси) ётган, шундан кейин ўлган  дебди, қайнонам шу гапни маҳкам ушлаб олган. Ахир онам қон босими ошиб ўтдилар-ку!
- Ичингизга олманг қизим,  ман ўзим гаплашаман қайнонангиз билан,- юпатади онам. Ҳали кўўўп яшайсиз,  қизларингизни турмушга бериб,  ўғлингизни уйлантирганингизда шу гапирганлар келинни қўлидан чой ичиб уялиб қолишади.  Намозни бошладингизми?
- Бошладим,  лекин алхамду билан қулҳу аллоху ахадни биламан холос.
- Ҳозирча бўлади, манави дафтарга сизга 5-6 та ёдлаш осон зам сураларни ёзиб қўйдим.  Ёдланг.
- Хўп.
Онам келин билан қучоқлашиб хайрлашиб чиқиб кетди.
- Ҳалиям кетмадингми,  хадемай кун ботади,  болам.
- Ҳозир кетаман,  яқинроқдан беда ўриб келаман,  улгураман.  Нега у келин билан қучоқлашиб хайрлашдиз,  уни юқумли касал деб ҳамма нарироқдан ўтади-ю.  Энди сиз биланам сўрашмай қўяди қўшнилар.
- Ҳеч ҳам касалмас! Аслида уни касал деган одамлар касал. 
- Қанақа касал?
- Қалби касал. Уни касали ўтиб кетади.  Лекин қалби касал тузалмайди. 
- Қалбини касаллигини қаердан кўрасиз. 
- Уларнинг ўзида кўринмайди бошқаларда кўринади.
- Бошқаларда қанақа кўринади?
- Ҳозир кўрмадингми?
- Барибир тушунмадим. 
- Майли,  кейин тушунарсан.  Ҳаммамизни ўзи ислоҳ қилсин.  Омин. 
- Мен яхши кўрган қиз касал бўлсаям оберасизми?
- Кўнгли тоза бўлса обераман.
- Зеби тегмайман деганмиш манга.
- Тегмай бўпти! Тегмасига қўймайман! Бор энди даланга жўна, тезроқ бориб кел,   сигирниям эртароқ соғишимиз керак,  боласини қорни оч. 

... Яқинда маҳаллага борганда узоқдан ўша  "касал келин" ни учратдим. Рўзғори тўкис,  бахтиёр,  болалари ҳам уйли жойли экан...

@Бахриддин Асрор.


​​Программистни уйлантириб қўйишибди. Келин дангаса эмиш. Шунда программистни онаси:
-Ахир уйига совчиликка борганимизда, уйларни бир чиройлик супуриб сидирганини кўрувдик. Ўз қўллари билан овқат пишириб бизга олиб келиб берганди, нега энди уйда қилмаяпти экан,-деб куюнибди.
Шундда программист:
-Сизлар ДЕМО версиясини кўргансизлар!-дермиш 😃


Ярашув.

 (Мандан ўтган бўлсаям баъзида "сени кечирдим" деб гапирвораман. "Ман кечирим сўрамадим"-дейди. 😁 Сўрайвер деб ёзилган шеър бу. 😁)

Инсон борки адашадир,  беайб Худо
Ўзим бойу лекин кўнгил қургур гадо
"Узр",- дея салгина сен берсанг садо
Ким бўлибман битта сени  кечирмаган

Кечирганим  сенга  гулмас  гулчамбарлар
Жаннатларда хид таратган мушк анбарлар
Кечиримли бўлган хатто пайғамбарлар
Ким бўлибман битта сени  кечирмаган

Тураверсанг айтилган ҳар сўздан тониб
Узр деган ширин каломни  қизғониб
Бошинг эгсанг  манглайимда куйиб ёниб
Ким бўлибман битта сени  кечирмаган

Майда чуйда турмуш дарди булар бари
Қолиб кетсин унутилиб кўздан нари
Авлиёмас,  мен бир йигитман жайдари
Ким бўлибман битта сени кечирмаган.

Шунда сенга нур сочади  кўкда ҳилол
Ибодатга чорлагандай ҳазрат Билол
Ахир сенку менга Ҳақдан жуфти ҳалол
Ким бўлибман битта сени  кечирмаган.

Бахриддин.


#Румийдан.

Ҳазрати Мавлоно Румий бир кун уйига келиб, ўғлини ғамгин ҳолда кўрди ва бунинг сабабини сўради.
Ўғли эса:
- Ҳеч нарса... - деди.

Ҳазрати Мавлоно Румий ташқарига чиқди. Эшикда осилиб турган бир бўри териси бор эди. Терини олиб устига кийди ва худди бўрилардай осмонга қараб увиллай бошлади. Ўғли отасининг бу ҳолатини кўриб, кулди. Ҳазрати Мавлоно Румий:
- Эй ўғлим, кўрдингми? Дунёнинг дардлари, синовлари, машаққатлари ҳам мана шу кабидир. Бўри аслида қўрқитувчи бир ҳайвондир. Аммо сен у тери ортида отанг бўлганини билганинг, кўрганинг учун қўрқмадинг, балки кулдинг. Худди мана шундай дардларинг, синовларинг ва машаққатларинг ортида Буюк Роббинг Аллоҳ борлигини билгин, ишонгин ва Унга ишларингни таваккул айлагин - деди...
Интернетдан олинди.


#Ривоят ва афсоналар
Кампирнинг савоби

Қадим замонларда бир подшоҳ ўз шаҳрида масжид қурдирмоқчи бўлибди. У масжидни қуришда ҳеч ким на бирор моли ва на бирор бошқа нарса билан ёрдам бермаслигини қаттиқ тайинлабди. Чунки у масжидни бирор бир ёрдамсиз, фақат ўзининг молидан қурдирмоқчи экан...

Шундай қилиб масжид қурилиши ҳам бошланибди. Масжид қурилиши якунлангандан сўнг, подшох масжид тепасига нақшинкор ҳарфлар билан ўз исмини ёздириб қўйибди.

Ўша кечаси подшох бир туш кўрибди. Тушида самодан бир фаришта тушиб, масжидда ёзилган номни ўчириб ўрнига бир аёлни номини ёзиб қўйибди. Подшох ҳавотирга тушган ҳолда уйқудан уйғонибди ва аскарларини ўша масжидга - исми ёзилиб турибдими, йўқми билиб келиш учун юборибди. Улар қайтиб келишгач:

- Ҳа шохим, исмингиз ўзингиз ёздирганингиздек турибди, - дейишибди.

- Ҳа, бу шунчаки узуқ-юлуқ туш эканда, - деб қўя қолибди подшох...

Иккинчи кечада ҳам подшох айнан шу тушни кўрибди. Самодан бир фаришта тушиб, масжидда ёзилган подшохнинг номини ўчириб, бир аёлнинг исмини ёзиб қўйибди. Тонгда шох уйқудан уйғонгач, яна масжидга исми ёзилганми йўқми аниқ билиб келишларини таъкидлаб жўнатибди. Улар қайтиб келишгач, исми ҳали ҳам ёзилиб турганини айтишибди. Подшох ҳам таажубланибди, ҳам жахли чиқибди...

Учинчи кечада ҳам айнан шу туш такрорланибди. Подшох уйқудан уйғонгач, фаришта исмини ёзган аёлни исмини эслаб қолибди. Сўнг шу аёлни топиб келишни буюрибди.
Унинг олдига қари бир мункиллаб қолган аёлни олиб келишибди. Подшох ундан:

- Масжид қурилишида бирор ёрдам берганмидинг? - деб сўрабди.

Аёл:
- Мен қари, ёши катта бир аёл бўлсам. Бунинг устига сизнинг масжид қурилишига: "ҲЕЧ КИМ ЁРДАМ БЕРМАСИН!" деган буйруғингизни ҳам эшитган бўлсам. Қандай қилиб сизга итоат қилмаслигим мумкин? - дебди.

- Аллоҳнинг номи билан сўрайман, масжид қурилишига алоқадор қандай иш қилгандинг? - деб яна сўрабди подшох.

Аёл:
- Аллоҳга қасамки, бу масжид қурилишида ҳеч қандай иш қилмадим, фақатгина...

- Нима фақатгина??

- Қурилиш бўлаётган пайтда масжид ёнидан ўтаётган эдим. Қурилиш ашёлари ва ёғочларни ташийдиган эшакни қозиққа боғлаб қўйишганини кўрдим. Бечора қанча уринмасин ёнида турган челакдаги сувга етолмас, ташналикдан ҳолсизланиб борарди. Раҳмим келди, челакни унга яқинлаштириб қўйдим ва у сувдан қониб ичди. Қилган ишим шу холос, - деди аёл.

Подшох эса бошини силкитиб, хўрсинган ҳолда:
- Сен бу ишни ҲОЛИС АЛЛОҲ УЧУН қилгандинг, Аллоҳ бу амалингни қабул қилди. Мен эса бу ишни фалончининг масжиди дейишлари учун қилгандим, Аллоҳ бу ишимни қабул қилмади, - деди.

Шундан кейин подшох, масжид пештоқидаги ўз исмини ўчиртириб, кекса онахоннинг исмини ёзиб қўйишни буюрди.

СубҳанАллоҳ! Наздингизда кичик туюлган ҳар қандай "ЯХШИЛИК"ни ҳам ҳақир санаманг. Зеро, у сиз учун абадий САОДАТ ЭШИКЛАРИни очиши мумкин.
Интернетдан олинди.


​​Шаҳарда опасининг уйига бориб юриб қўшниси Анастасияни севиб қолган Тўхтапўлатнинг бошига тушган айрилиқ дардини қоғозга туширдим.

Бугун эшитдим, бугун ёздим. 😊

Анастасияга. ( Ҳаётий воқеа асосида ҳазил шеър)

Кўзимга кенг дунёлари тор
Ёшлар оқиб тушди шошқатор
Эй малласоч хушбичим дилдор
Ташлаб кетдинг Анастасия

Ишқ дуторга торни таққандай
Айтгил энди чидайман қандай
Бўлди мени илон чаққандай
Ташлаб кетдинг Анастасия

Ухлатмас ишқ талвасаси
Адодир мухаббат қиссаси
Яхши иш қилмадинг қисқаси
Ташлаб кетиб Анастасия

Бормагандик ҳеч сану манга
Энди айро икки гўшанга
Тегсанг керак бирор Иванга
Мени ташлаб Анастасия

Ўрис маълим топиб пул тўлаб
Репититор олгандим ёллаб
Ё қўйдими кимдир ёмонлаб
Ташлаб кетдинг Анастасия

Бошга кепга қўндирган эдим
Сўзлашни сал дўндирган эдим
Энамниям кўндирган эдим
Ташлаб кетдинг Анастасия

Дуо қилар эди ёш қари
Маҳалланинг оқсоқоллари
Рози эди уларнинг бари
Ташлаб кетдинг Анастасия

Майли буям тақдирдан тортиқ
Эгасини топар жуфт ёстиқ
Топармисан менданам ортиқ
Ташлаб кетдинг Анастасия

Кенг далада қолиб трактир
Шаҳардан олардим квартир
Современний яшардик ахир
Ташлаб кетдинг Анастасия

Дунёни билдим, бевафо
Севиб, севилмаганим хато
Ой прости, демадинг хатто
Ташлаб кетдинг Анастасия

Гўзаллик боғлиқмас миллатга
Севиб билдим, яна бир марта
Синов бўлди Тўхтапўлатга
Буд счастлив Анастасия!

Бахриддин Асрор 2023 йил, 28-декабр. Тошкент.


Хуррам султоннинг сири нимада бўлган?

Кимнингдир назарида маккор, кимнингдир наздида аёл қиёфасидаги шайтон сифатида таърифланган Хуррам султоннинг жорияликдан подшоҳнинг никоҳли аёли бўлгунга қадар босиб ўтган йўли кескин бурилиш нуқталари билан тўла эди. У ҳам рафиқа, ҳам суюкли ёр, ҳам она, ҳам давлат ишларида ўз обрўсига эга аёл бўлган. Болаликдан оиласидан айрилиб, қул бозорида сотилган, сўнгра султонга тақдим этилган Хуррам фақатгина тарихий шахс сифатида эмас, олий, жозибали ва ноодатий табиати билан ҳам эсга олинишга муносибдир.

Ёшлигида етарлича жозибали бўлган Хуррам ёшлик гўзаллигини йўқотса ҳам, қувноқ ва жонли руҳини, жозибасини ҳеч қачон йўқотмаган. У мақсадга эмас, жараёнга эътиборини жамлаган аёл эди. Ўзидан из қолдиришни яхши билган Хуррам натижага эмас, оқимга эътибор қаратиб, сезгисидан муносиб равишда фойдалана оларди. Қайсар характери билан подшоҳга таъсир ўтказиб, Усмонли саройида аёллар салтанатига асос солади.

Хуррам ҳеч қачон турмуш ўртоғидан узоқлашмаган, унга доим мотивация берган ва сафарда пайти Қонунийга ҳар куни хат ёзган. Бугунги кунда Тўпқопи саройининг архивида сақланаётган бу хатларда асли украин бўлган Хуррам(саройда қўйилган исм, асл исми Роксолана)нинг туркчада хато қилиб бўлса ҳам ўз муҳаббатини изҳор қилгани кўринади.

Қонуний Хуррамнинг мактубларидан ўзини бахтли ҳис қилар, хатда нафақат севги изҳори, Истанбулдаги сиёсий янгиликлардан бохабар бўлиб турарди. Хуррам у учун нафақат суюкли ёр, дўст ва заковат муаллими эди.

Ўз либосларига эътиборли бўлиб, ҳамиша ораста бўлиб юрувчи Хуррам эрининг нозик томонларини билиб олиб, ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни ҳам жуда яхши билган. Хуррам саройда яшаган йиллари ҳар куни янги билимлар олган ва ўзини ривожлантириб, султон билан фалсафа, шеър мавзуларида суҳбат қура оладиган ягона аёлга айланган. Она сифатида Қонунийдан кейин ўғилларини ўлдирмасликлари учун улар учун тахт жангини ҳам зимдан олиб боради. Рақиблари қадамларини кузатар, уларга маҳорат билан ҳужум қиларди. Хуррам тўсатдан номаълум хасталикдан 53 ёшида вафот этди, аммо унинг меҳнатлари меваси сифатида ўғли Селим тахтга ўтирди.

Кўплаб тарихчи олимлар Хуррамнинг султонга қай тарзда бунчалик кучли таъсир ўтказганини билолмай ҳайрон қоладилар. Аслида унинг сири, оддий бўлган:

🩷Ўз турмуш ўртоғини жудаям чуқур ўрганган, унинг эҳтиёжлари ва заиф жиҳатларини аниқлаган.

🩷Ҳар доим ўзини хотиржам ва сирли тутган, доим ўз билимлари устида ишлаган.

🩷Кучли аёл бўлишига қарамай, маъсумаликни сақлаган, турмуш ўртоғининг кучсиз томонларини танқид қилмай, бўшлиқ сифатида уларни тўлдирган.

Шунинг учун ҳам Хуррам султон Усмонлилар тарихидаги энг ақлли аёл сифатида тарихда қолган.

(Эсра Эзмежи маълумотлари асосида тайёрланди).

Фейсбукдан Г. Ходжаева саҳифасидан кўчирилди.


У қолганини эшитмади. Мияси карахт бўлиб гувиллаб кетди. Сўнг дарвозасини муштлаб:
-Ха, эси йўқ жинннилар-а!- дея ўкириб юборди.

Муаззам Иброҳимова


ЖИННИ…

Кўчани бошига кўтариб у кўринди.

-Қоч, жинни келяпти!

Тўс-тўпалон кўпди.

Гап сотгани тўпланган хотин-халаж, бола-бақра уйларига, уйи узоқроги дуч келган томонга қоча бошлади.
Фақат кўчадаги водопровод жўмрагидан челакларга сув тўлдираётган келинчак парвойи– фалак эди. Панароққа қочиб улгурган қўшнилар ҳар қанча имлашмасин, тушунмади.
Бу махаллага тушганига аттиги бир хафта бўлиб, хали бу ернинг одамларини яхши билмас, “жинни келяпти” деб қочишганида, ширин хаёллар оғушида эди…
Сувга тўлган челакларни кўтариши билан ёнида турган сал ғалатироқ нотаниш қарияга кўзи тушди. Уялиб қўлидагиларини ерга куйди. Елкасига ташланган оппоқ рўмолини бошига солиб:
-Ассалому алайкум!- деб, келинчакларга хос назокату- ибо билан салом берди.

Ия...Бу ким бўлди?
Жиннининг асаби бузилди. Мазза қилиб сўкинмоқчи бўлсаю , бу нозанин парво қилмаса. Бошқаларга ўхшаб, панага қочмаса. Шунақасиям бўларканда?!
Миясида саволлар ғужғон, аммо жавоб топишга ожиз қолди.
Кимдир сени одам қаторида кўрса, салом берса барибир бошқача бўларкан. Бундан таъсирланиб, кўзларига ёш тўлди ва эсидан чиқаёзган калималарни бир -бирига аранг улаб, жавоб қайтарди:
-Ва-алай-кум ас-салом... она қизим... кўп... яшанг! Раҳмат... бо-лам,отангизга раҳмат!
Бу сўзларни келинчак томон аланглай-аланглай, кўча бошигача такрорлаб кетди.

Маҳаллада бир пасда янги гап тарқалди:
- Анув жинни бор-ку, фалончининг келинига сўкинмади. Вей, бир оғиз уят гап ҳам айтмади. Хатто-ки, саломига алик олди!

-Рост , ўз кўзимиз билан кўрдик. Гранддан сув олятганди. Рўмолини бошига ташлаб, жиннига салом берди. Юраги хам отнинг калласидек экана...

Келинчакнинг донғи етти маҳаллага ёйилди. Хурмати ошди.

“Ширинсухангина экан, телбани ҳам эриттия” деб, мақташди.

...Жинни энди фақат шу кўчадан юрар, хеч кимга сўкинмас, баъзан ундан тобора хайиқмаётган чурвақаларга қўшилиб кечгача ўйнарди. Аслида эса келинчакни сувга чиқишини пойларди. У салом бергач, дуо аралаш алик олиб, сўнг қувончдан сакраб-сакраб қишлоқ четидаги кулбасига равона бўлишини ҳамма биларди.

Ақли заиф одамнинг дардига даво йўқ дейдилар. Аммо бу гап ғирт ёлғон экан. У тузала бошлади. Эгнидаги увадаларини ташлаб, сандиқда ётган охорли кийимларини кийди. Патак сочлари қиртишлатиб оппоқ соқолига шакл берилгач бип -бинойидек одамга айланди қолди. Уни авввал танимай қочишмади. Сўнг таниб ҳам қочмайдиган бўлишди... Жиннининг ҳам исми борлиги, қачондир ёлғиз боласи фожеали халок бўлган Обид ота экани қишлоқдошларнинг ёдига тушди.
Келинчакка тақлид қилиб, «Ассалому алайкум ота» деб салом бера бошлаганлар ҳам кўпайиб қолди.
Ота ўзига салом бера бошлаганларни ҳар куни бир бармоқ, бир бармоқ қўшиб, бармоқлари тугаб хисобдан адаша бошлаганидагина санамай қўйди.
Одам қаторида таклиф этила бошланган тўй-тўйчиқ, маракаларни ҳам саноғида адаша бошлади.
Худди аввалгидек етти маҳаллага азиз бўлди. Аммо барибир мўъжизаларни бошлаб берган келинчак яшайдиган кўчанинг қадри бўлакча эди. Ўша маҳалладан тўй, аза дараги чиқса ҳаммадан биринчи бўлиб бориб маросим бўлаётган дарвоза тагида қўл қовуштириб турарди.


Келинчак ўғилли бўлганида ҳам ҳаммадан кўп у қувонди. Кўз ёшлари оппоқ соқолига тўкилиб, дуо қилди;
-Илойим ризқи билан бергани рост бўлсин! Шу ховлида униб- ўсиб ўзидан кўпайсин. Онасидай ширин сўз бўлсин!

У энди бу хонадонга серқатнов бўлди. Инжиқ қайнонанинг ирганиб “хай-халашига” ҳам қарамай, чилласи чиқмаган гўдакни багрига босиб эркалатар, кажавачага рангли пуфаклар боғлаб икки кўчани айлантириб келарди. Сўраган-сўрамаган одамни тўхтатиб, водопровод олдидан бошланган мўъжизалардан ҳикоя қиларди.


Орадан ҳеч қанча ўтмай келинчак ҳам чақалоқ ҳам кўринмай қолишди.
У дарвоза олдида пойлар, чақирар, аммо зулфин тушмасди.
Бир ой шу тахлит ўтди. Ахийри чидамай қўшнилардан сўради.
-Келинни арзимаган майда-чуйда гаплар билан кетказиб юборишди ота, ўғлини эса яна уйлармиш…

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.