СЕНДАН ЎЗГАСИНИ ДЕМАЙМАН ВАТАН
Бироз қўрслик қилиб, қўйсам гоҳида,
Сендан минг узрлар сўрайман, Ватан.
Сени асрагайман кўз-қароғида,
Сени ғурур бирла куйлайман, Ватан.
Нокас, порахўрни сўкканларим бор,
Шеър ёзиб қора тер тўкканларим бор,
Балки шеър дарахтин, экканларим бор,
Тиласам иқболинг тилайман, Ватан.
Мен мансаб демайман, амал демайман,
Халққа ёлғон сўзлаб, ҳаққин емайман,
Жасорат қонда бор!
Мен ўзгармайман.
Жўмардман, хоинлик қилмайман, Ватан.
Бефарқлик қилсам ҳам, ўтадир куним,
Минбар тегмаса ҳам, ботадир туним,
Ёлғон сўзламоқ бу - шоирга ўлим!
Ҳақ сўздан ўзгасин демайман, Ватан.
Болангманг, ҳадиксиз қарасанг бўлди,
Онам сен, меҳрингни қадасанг бўлди,
Бошимни силашга ярасанг бўлди,
Золимга бошимни эгмайман, Ватан.
Сен менинг боримсан, шарафим шоним,
Ҳақ сўзни айтиш-чун тикканман жоним,
Сен учун тўкилса, тўкилсин қоним,
Сен учун ўлимдан қайтмайман, Ватан.
Ютуғинг меники, каминг меники,
Байраминг меники, ғаминг меники,
Бағрингда ўтган ҳар даминг меники,
Олқиш-чун шеъримни айтмайман, Ватан!
Мабодо машаққат тушса гар бошга,
Қон ютган бошқадир, шод бўлган бошқа,
Бошимни урсалар, урсинлар тошга,
Қасам-ки, ҳеч замон сотмайман, Ватан!
Шу тупроқ бағрида ўсиб улғайдим,
Гоҳи хандон кулдим, гоҳи мунғайдим,
Сен - менинг юзимсан, алифим, қаддим,
Юзимга ҳатто қум отмайман, Ватан.
Чин сўзим исёнга йўймагин зинҳор,
Шоир кўп, ҳақ сўзин айтмаган бисёр,
Муғомбирлик қилган, бўлсин илло хор,
Сендан ўзгасини демайман, Ватан!
Сендан ўзга юртни севмайман, Ватан!
© Абдувоҳид Сувонов
https://t.me/Adabiyot_olami